Ўзбекистон ва Афғонистон Президентлари Трансафғон темир йўл йўлагини барпо этиш лойиҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадида етакчи мамлакатлар ва халқаро молиявий институтларга қўшма мурожаат йўллашга келишиб олдилар
Ўзбекистон ва Афғонистон Президентлари Трансафғон темир йўл йўлагини барпо этиш лойиҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадида етакчи мамлакатлар ва халқаро молиявий институтларга қўшма мурожаат йўллашга келишиб олдилар
ТОШКЕНТ, 2 декабрь /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълум қилишича, икки томонлама муносабатларнинг жорий ҳолати ва истиқболлари, минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Суҳбат аввалида Президент Ашраф Ғани Афғонистоннинг кўп миллатли халқи номидан Ўзбекистон раҳбарига афғонлараро тинчлик жараёнини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани ҳамда ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, шу жумладан коронавирусга қарши курашиш даврида амалий ёрдам кўрсатаётгани учун самимий миннатдорлик билдирди.
Президентлар икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик суръати ортиб бораётганини алоҳида мамнуният билан қайд этдилар.
Пандемия оқибатларига қарамай, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сезиларли кўпайди, бизнес алоқалари фаоллашди. Икки мамлакат тадбиркорлари учун ноёб имкониятларга эга “Термиз” халқаро савдо маркази ташкил этилди.
Савдо ҳажмини икки баробар кўпайтириш учун ҳуқуқий базани такомиллаштириш, савдо уйлари тармоғини кенгайтириш ва янги кооперация лойиҳалари тўпламини шакллантириш масалалари ўрганилмоқда.
Гуманитар соҳада қатор муҳим қўшма тадбирлар муваффақиятли ўтказилди. Хусусан, жорий йил октябрь ойида Афғонистонда илк бор Ўзбек тили байрами давлат даражасида нишонланди. Бундан ташқари, Термиз шаҳридаги Таълим маркази негизида афғонистонлик мутахассисларни тайёрлаш давом этмоқда, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасида салмоқли дастурлар амалга ошириляпти.
Президентлар ўтган ҳафта бўлиб ўтган Афғонистон бўйича Женева халқаро конференциясининг асосий натижаларини юксак баҳоладилар.
Минтақада ўзаро боғлиқликни янада мустаҳкамлаш, Афғонистонни халқаро савдо-иқтисодий алоқаларга интеграция қилишга қаратилган устувор лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.
Трансафғон темир йўл йўлагини барпо этиш лойиҳасини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш мақсадида етакчи мамлакатлар ва халқаро молиявий институтларга қўшма мурожаат йўллашга келишиб олинди. “Сурхон – Пули Ҳумри” йўналишида электр узатиш линиясини қуриш лойиҳасини жадаллаштириш масалалари мувофиқлаштирилди.
Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва кенг кўламли шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга интилиш қатъий эканини яна бир бор тасдиқладилар.
Суҳбат ҳар доимгидек конструктив ва дўстона руҳда ўтди.