Ўзбекистон ТИВ раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг 79-cессиясидаги нутқи Афғонистон ОАВ диққат марказида
КОБУЛ, 29 сентябрь. /"Дунё" АА/. Афғонистондаги "Tolo news" ва "Ariana News" каби етакчи оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТ Бош Ассамблеясининг 79-cессиясидаги нутқига бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Уларда Ўзбекистон ТИВ раҳбарининг расмий Тошкент Афғонистон бўйича прагматик сиёсат юритаётгани ва ушбу мамлакат иқтисодиётини тиклаш, транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантиришда фаол иштирок этиши ҳақидаги фикрларига алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, мақолаларда минтақа барқарорлигини таъминлаш, афғон муаммосини ҳал қилишда БМТнинг марказий ролини ошириш ва барқарор ривожланишни кафолатлаш стратегияларини ишлаб чиқишда Афғонистонни қўллаб-қувватлаш зарурлиги қайд этилган.
Бундан ташқари, Афғонистон ОАВ Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбарининг "Термиз" халқаро савдо марказини ташкил этиш ва Афғонистон фуқаролари учун таълим марказини Глобал ўқув маркази даражасига кенгайтириш ҳақидаги сўзларига урғу берган.