8-10 сентябрь кунлари Самарқанд дунёдаги иккита йирик тўқимачилик ассоциациясининг биринчи қўшма конференциясини ўтказади
Самарқандда бундай миқёсдаги тадбир ўтказилаётгани Ўзбекистоннинг глобал тўқимачилик таъминоти занжиридаги тобора ортиб бораётган ролини тасдиқлайди
Шу йилнинг 8-10 сентябрь кунлари Самарқанд дунёдаги иккита йирик тўқимачилик ассоциациясининг биринчи қўшма конференцияси — “ITMF Annual Conference & IAF World Fashion Convention”ни ўтказади.
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Инновация, ҳамкорлик ва тартибга солиш — тўқимачилик саноати ва текстиль соҳасини ҳаракатлантирувчи кучлар” деб номланган тадбирда 500 дан ортиқ соҳа мутахассислари, йирик халқаро тўқимачилик компаниялари, брендлар, молия институтлари ва чакана савдо вакиллари иштирок этади.
ITMF кенгашининг 7 сентябрь куни бўлиб ўтадиган йиғилиши конференцияга старт беради. 8-10 сентябрь кунлари расмий бизнес дастури доирасида конференция иштирокчилари саноатнинг энг долзарб масалалари ва муаммоларини муҳокама қиладилар: сунъий интеллектнинг таъсири, ишлаб чиқаришни рақамлаштириш, халқаро тартибга солиш, барқарор ривожланиш ва таъминот занжирларини оптималлаштириш масалалари.
Конференция маърузачилари сифатида Америка кийим-кечак ва пойабзал саноати ассоциацияси (AAFA) президенти Стивен Ламар, Европа кийим-кечак ва тўқимачилик конфедерацияси (EURATEX) бош директори Дирк Вантигем, “Inditex” гуруҳининг барқарорлик бўйича директори Феликс Поза Пена ва Cotton Analytics (АҚШ), Indorama Corporation (Сингапур) ва бошқа компаниялар вакиллари иштирок этадилар.
Тадбир ғолибларнинг эълон қилиниши ҳамда ITMF Awards ва ITMF Start-up Award мукофотларини тақдирлаш билан якунланади, улар 2024 йилда саноатнинг энг ажойиб ютуқлари ва инновацияларини нишонлаш учун мўлжалланган.
“Самарқандда бундай миқёсдаги тадбир ўтказилаётгани Ўзбекистоннинг глобал тўқимачилик таъминоти занжиридаги тобора ортиб бораётган ролини тасдиқлайди. Ўзбек пахтасини кўп йиллик бойкот қилишдан сўнг, том маънода икки йил ичида биз халқаро ҳамкорларимиз доирасини сезиларли даражада кенгайтириб, олдинга катта қадам ташладик. 2023 йилда мамлакат тўқимачилик саноати 75 дан ортиқ мамлакатларга тахминан 3,5 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилди, 2026 йилга келиб эса биз экспорт ҳажмини 6,5 миллиард долларга оширишни режалаштирмоқдамиз ва кучли халқаро шериклар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ушбу мақсадга эришишда муҳим роль ўйнайди”, – дейди “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Мирмухсин Султонов.
Конференцияга рўйхатдан ўтиш онлайн тарзда очиқ. Иштирок этиш учун рўйхатдан ўтинг, тадбир ҳақида қўшимча маълумотни веб-сайтда олишингиз мумкин https://www.itmf-iaf-conference-2024-samarkand.org/.
“Дунё” АА