СУВ ХЎЖАЛИГИДА МАСЪУЛИЯТ ВА ИЖРО ИНТИЗОМИНИ МУСТАҲКАМЛАШ — ЮТУҚЛАРИМИЗ ГАРОВИ
СУВ ХЎЖАЛИГИДА МАСЪУЛИЯТ ВА ИЖРО ИНТИЗОМИНИ
МУСТАҲКАМЛАШ — ЮТУҚЛАРИМИЗ ГАРОВИ
Ижро тизимидаги энг катта муаммо — дунёқараш ўзгармаётгани, билимсизлик ва масъулиятсизлик.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Қурғоқчил минтақада, океан ва йирик денгизлардан анча олисда жойлашган Ўзбекистон учун сувнинг аҳамияти катта. Мамлакатимизда фойдаланиладиган сув ресурсларининг асосий қисми қўшни республикалар ҳудудидаги музликлар ҳисобига шаклланади. Айни пайтда минтақадаги барча мамлакатларнинг сув йўллари ва сув олиш манбалари бир-бири билан узвий боғлиқки, улар билан доимий тарзда “сув дипломатияси”ни юритмасликнинг иложи йўқ.
Шу боис, Марказий Осиё халқларининг тинчлиги ва фаровонлигини таъминловчи энг муҳим неъматлардан бири сув ресурсларидир, десам муболаға бўлмайди. Қадимдан аждодларимиз обиҳаётнинг бир томчисини ҳам исроф қилмасдан, унумли фойдаланиб, сув бўйларида ҳамжиҳатликда ва фаровон ҳаёт кечирганлар. Дарё ва сойлар ўзанларини бошқариб, ариқлар қазиб сув чиқарганлар, турли экинлар етиштириб, манзилларни обод этганлар. Бизнинг заминда деҳқончилик, экинларни суғориш илми, ер ости ва ер усти ирригация иншоотларини барпо этиш тажрибаси минг йиллар давомида шаклланиб, сайқал топиб келган.
Очиғини айтиши керак, яқин тарихимизда, яъни 2017 йилгача бўлган даврда бир муддат минтақада сув ресурсларидан баҳамжиҳатлик билан фойдаланиш борасида муаммолар тўпланиб қолган эди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати, саъй-ҳаракатлари натижасида қўшни давлатлар билан йўлга қўйилган ўзаро дўстона ва ишончли алоқалар Марказий Осиё минтақасидаги трансчегаравий сув ресурсларидан ҳамкорликда фойдаланишга мустаҳкам замин яратди. Қўшни давлатларга амалга оширилган олий даражадаги ташрифлар чоғида трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда оқилона фойдаланиш масаласи кўп бора муҳокама қилинди. Натижада кўп йиллардан буён ечилмай келаётган масалалар ўз ечимини топяпти.
Бугунги кунда Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари билан сув масалалари бўйича алоқаларни кўп қиррали даражада - Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси, икки томонлама эса сувдан фойдаланиш бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳлар доирасида изчил ривожлантирмоқда. Охирги йилларда Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон билан йўлга қўйилган ўзаро ҳамкорлик ва эришилаётган келишувлар самарасида Сирдарё ва Амударё ҳавзасида сув таъминоти даражасини яхшилаш бўйича натижаларга эришиляпти.
Ўзбекистон сув тақчиллигини камайтириш учун сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва сувни бошқаришда замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида Марказий Осиё давлатлари орасида ташаббускор бўлаётир.
Сўнгги йилларда юртимиз сув хўжалигини ривожлантириш бўйича 100 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, 1 та қонун, Президентнинг 5 та фармони, 20 та қарори ҳамда 1 та фармойиши, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 60 дан ортиқ қарор ва фармойиши қабул қилингани соҳага нечоғли эътибор қаратилаётганини кўрсатиб турибди.
Яқин истиқболда биз учун дастуриламал бўладиган энг асосий ҳужжатлар, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси ҳамда Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегиясидир.
Соҳага доир барча ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш сув хўжалигининг энг қуйи бўғинидан тортиб, вазирлик раҳбариятигача – барчанинг бурчига айланган.
Бу борада “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимига киритилган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг бажарилиши юзасидан Адлия вазирлиги ва Ҳисоб палатаси билан доимий ҳамкорликда иш олиб бориляпти.
Хусусан, 2022 йилнинг 6 ойи давомида “Ijro.gov.uz” тизимига киритилган 198 та ҳужжатнинг ижроси ўз вақтида таъминланди.
Ушбу даврда Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппаратига жами 5 минг 724 та ҳужжат, жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатидан 49 та, Президент Администрациясидан 274 та, Вазирлар Маҳкамасидан 1154 та, бошқа вазирлик ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларидан 4 минг 247 та, жисмоний ва юридик шахслардан 1 минг 504 та ариза ва мурожаат келиб тушган бўлиб, барчаси белгиланган тартибда назоратга олинган.
Ишлаб чиқариш билан боғлиқ масалалар бўйича вазирликнинг жами
132 та буйруғи, вазирлик ҳайъатининг 24 та қарори қабул қилинган бўлиб, шундан Ўзбекистон Президенти ва ҳукуматининг ҳужжатларида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича 25 та буйруқ ва 24 та ҳайъат қарори ҳамда 9 та назорат режаси ва 18 та ҳаракатлар режаси, шунингдек, 4 та “йўл харитаси” ва чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, тасдиқланган.
Вазир ўринбосарлари фаолияти самарадорлиги ва мақсадли вазифаларга эришилишининг асосий мезонлари орқали баҳолаш тизими жорий этилган, ҳар чорак якуни билан вазирликнинг ҳайъат йиғилишида танқидий руҳда муҳокама қилиб борилмоқда.
Бундан ташқари, вазирлик марказий аппарати бошқармалари ва вазирлик тасарруфидаги республика ташкилотлари раҳбарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби ва мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонлари (KPI кўрсаткичлари) тасдиқланган.
Буларнинг барчаси вазирлик тизимида ижро интизомини, қолаверса, Президент ҳамда Вазирлар Маҳкамаси топшириқлари билан юклатилган вазифалар, функциялар ва прогноз (индикатор) кўрсаткичлари ижросини белгиланган муддатларда, сифатли ва тўлақонли таъминлаш орқали сув хўжалигида ислоҳотлар натижадорлигини ошириш ва самарадорлигини мустаҳкамлашга асос бўлмоқда.
Вазирлик тизимидаги барча ташкилотларда бошқарув ходимларини очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш механизми тўлиқ жорий этилган. “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети ва соҳага кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилиб, ҳар йили вазирлик тизимидаги ташкилотларга 500 нафардан ортиқ ёш мутахассис ишга қабул қилиниши натижасида олий маълумотли мутахассис кадрлар билан таъминланганлик даражаси 47,0 фоизга етди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури доирасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобига камида 7 млрд м3 сувни тежаш вазифаси юклатилган бўлиб, ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган дастур изчил амалга оширилмоқда.
Сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш ва ерларни лазер текислаш эвазига 3 млрд м3, ирригация тармоқларида таъмирлаш-тиклаш тадбирлари ҳисобидан 3,1 млрд м3, АКТ ва рақамли технологияларни жорий этиш, экинларни жойлаштиришда сув кам талаб қиладиган экинлар улушини кўпайтириш ва шолини интенсив усулда экиш ҳамда қўшимча агротехник тадбирларни амалга ошириш натижасида 0,9 млрд м3 сувни иқтисод қилишга эришилади.
Албатта, ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экинларни суғориш учун ҳам сув етказиб берилиши таъминланмоқда.
Олдинги йилларда бошланган ва ўз самарасини берган тизим – сувни тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда.
Барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари учун ахборот алмашинувининг шаффоф механизмини йўлга қўйиш мақсадида “Томчи-реестр” пудрат корхоналарининг ягона электрон реестри ишлаб чиқилиб, ишга туширилди. Бугунги кунда 250 дан ортиқ корхона ушбу платформага тегишли ҳужжатларни онлайн шаклда киритган.
Бугун юртимизда сув тежайдиган суғориш технологиялари бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш инфратузилмаси шаклланди, деб бемалол айта оламиз. Агар 2019 йилгача ана шундай маҳаллий корхоналар сони бор-йўғи 3 тани ташкил этган бўлса, ҳозир 43 тага етди. Жорий йил якунига қадар Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида 2 та янги корхона ишга туширилади.
Улар томонидан ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилиши ҳисобига маҳсулот таннархи бир гектар учун 25 млн сўмдан 20 млн сўмгача арзонлашиб, импортга сарфланадиган валюта тежалишига эришилмоқда.
2022 йилнинг 1 июль ҳолатига жами 98,5 минг гектар майдонда сувни тежайдиган суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича қурилиш-монтаж ишлари бажарилиб, шундан жами 37,6 минг гектар, жумладан, 28,7 минг гектар ерда томчилатиб суғориш, 8,9 минг гектар бошоқли дон ва бошқа экин майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологияси ўрнатилди ва 127,1 минг гектар экин майдони лазер ускунаси ёрдамида текисланди.
Сув улуғ неъмат, сувчилик савобли касб. Шуни дилдан ҳис этган миробларимиз бир ёқадан бош чиқариб, бир жону бир тан бўлиб меҳнат қилишмоқда. Янги Ўзбекистондаги ўзгаришлар таъсирида сувчиларимизнинг ҳам дунёқараши ўзгариб, билим ва масъулияти ошмоқда. Шундай экан, сувчилар ўз олдиларига қўйилган марраларга эришишларига ва билдирилган юксак ишончни доимо оқлашларига ишонамиз.
Ш.ҲАМРОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири