ИТСВ: Ўзбекистонга Туркманистон делегациясининг ташрифига тайёргарликнинг бориши кўриб чиқилди
ТОШКЕНТ, 10 июль. Жорий йил 8 июль куни Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков раҳбарлигида Туркманистон делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида ўтказилиши режалаштирилган қатор тадбирларга тайёргарлик кўришга бағишланган видеоконференция шаклида йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълумотига кўра, йиғилишда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, маҳаллий ҳокимликлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Туркманистон Республикасидаги ваколатхонаси раҳбарлари иштирок этди.
Бухоро шаҳрида Ўзбекистон-Туркманистон ҳудудлараро форумига ҳамда унинг доирасида ўтказиладиган Ўзбекистон-Туркманистон тадбиркорлар Кенгашининг 2-йиғилиши, Ўзбекистон ва Туркманистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси, икки мамлакат халқ амалий санъати маҳсулотлари кўргазмасига тайёргарликнинг бориши кўриб чиқилди.
Туркманистон томони билан имзолаш учун инвестиция лойиҳалари ва савдо битимларини тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди. Ўзбекистон-Туркманистон ҳудудлараро форуми доирасида туркманистонлик ҳамкорлар билан имзоланиши режалаштирилган янги икки томонлама савдо-иқтисодий келишувлар, инвестиция шартномаларининг лойиҳалари, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги битимлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди. Бунда қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик, тўқимачилик, кимё ва нефть-кимё саноати, транспорт ва логистика, энергетика, туризм ва бошқа соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларига алоҳида эътибор қаратиш топширилди.
Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги тармоқ бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларига ҳар бир вилоятнинг салоҳияти бўйича аниқ инвестиция таклифларини мужассам этган тақдимотлар тайёрлаш, шунингдек, Ўзбекистон ва Туркманистонда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари кўргазмасини самарали ташкил этиш чораларини кўриш, тадбир натижадорлигига алоҳида эътибор қаратиш топширилди.
Тегишли раҳбарларга аввалги ташрифлар чоғида Туркманистон томони билан эришилган келишув ва битимлар доирасида амалга оширилган лойиҳалар ва шартномалар, хусусан, қиймати 308 миллион долларлик 8 экспорт шартномаси, қиймати 10 миллион долларга тенг бўлган 1 импорт шартномаси ва 10 миллион долларлик йирик инвестиция лойиҳасини амалга оширишни ўрганиш топширилди. Барча шартномаларнинг белгиланган муддатларда бажарилишини таъминлаш чораларини кўриш топширилди.
Учрашув якунида масъул раҳбарларга Туркманистон делегацияси учун транспорт ва меҳмонхона хизматларини ташкиллаштириш, шунингдек, ҳар икки мамлакат санъаткорлари иштирокида маданий дастур ташкил этиш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.