Хорижий ОАВ: Ўзбекистон раҳбарияти томонидан Қорақалпоғистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича кўрилаётган барча чора-тадбирлар ҳуқуқий доирада амалга оширилмоқда
ТОШКЕНТ, 8 июль. Қатор хорижий нашрлар, жумладан, «The Korea Post» журнали (Жанубий Корея), «Daily Spokesman» газетаси (Покистон), «Q8-PRESS» интернет-нашри (Қувайт), «Leta.lv» онлайн-нашри (Латвия), «Инфозакон» (Қозоғистон), «News Central Asia» (Туркманистон) порталлари, «Avesta» ахборот агентлиги (Тожикистон) ва бошқа оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 3 июль куни Нукус шаҳрида халқимиз ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатларига йўллаган мурожаатининг тўлиқ матнини инглиз, араб ва рус тилларида эълон қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ушбу ахборот материалларида Ўзбекистонда муҳим сиёсий жараён – мамлакатимизнинг Асосий қонунига киритиш таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг умумхалқ муҳокамаси давом этаётгани таъкидланган.
Нашрларда ушбу конституциявий ислоҳотларга мамлакатни янада ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган эзгу ғояни амалиётга татбиқ этиш мақсадида киришилгани алоҳида қайд этилган.
Фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродаси ва фикрларини демократик тамойиллар ва ҳуқуқий нормалар асосида эркин ифода этиши учун яратилган шарт-шароитларга қарамай, конституциявий ислоҳотлардан норозилик баҳонасида айрим кучлар тажовуз ва зўравонлик йўлини танлаб, ўз худбин мақсадлари йўлида Ўзбекистондаги вазиятни издан чиқаришга ва беқарорлаштиришга уринаётгани таъкидланган.
Хорижий оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Президентининг Қорақалпоғистон пойтахти Нукусда содир этилган тартибсизликларга ташқи кучлар томонидан йиллар давомида тайёргарлик кўрилгани, уларнинг мақсади Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз солиш экани ҳақидаги баёнотига ўз ўқувчиларининг алоҳида эътиборини қаратган. Бу ҳақда Озарбайжоннинг «Haqqin.az» портали, Беларуснинг «Smartpress.by», Канаданинг «SaltWire» нашрлари ва бошқа қатор хорижий ахборот ресурсларида туркум материаллар эълон қилинди.
«Ani News» АА ва «The Economic Times» газетаси (Ҳиндистон), «Global Times» (Хитой), «Report.az» (Озарбайжон), «Mignews» (Исроил) нашрлари, «Интерфакс» (Россия), «Iran News» (Эрон) ва бошқалар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг баёноти матнини чоп этди. Материалларда таъкидланганидек, 1-2 июль кунлари Нукусда мамлакатнинг конституциявий тузумига, ҳудудий яхлитлигига ва бирлигига путур етказишга ҳаракат қилинди. Умумхалқ муҳокамасига чиқарилган Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасига норозилик билдириш баҳонасида бир гуруҳ қонунбузарлар зўравонлик ҳаракатлари, тўқнашувлар ва давлат ҳокимияти биноларини мажбуран эгаллаб олишга уринишлар уюштиргани маълум қилинган.
Ушбу ноқонуний ҳаракатлар сепаратизмга ундаш, тинч, бирлашган ва демократик мамлакатни беқарорлаштиришга қаратилган олдиндан режалаштирилган диверсиянинг белгиларига эга эди, дейилади материалларда.
Хорижий оммавий ахборот воситалари, шунингдек, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан Қорақалпоғистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича кўрилаётган барча чора-тадбирлар ҳуқуқий асосда амалга оширилаётганини ва улар, биринчи навбатда, инсон ҳаёти ҳамда соғлиғига таҳдидларнинг олдини олишга қаратилганини таъкидламоқда.
Хусусан, Озарбайжоннинг «1news.az» порталида эълон қилинган мақолада Президент Шавкат Мирзиёев норозилик муаммосини ҳал этиш йўлида қатъият намоён этгани урғуланган. Давлат раҳбари Нукусга икки марта ташриф буюргани, оқсоқоллар, Жўқорғи Кенгес депутатлари билан учрашувлар ўтказгани, аҳоли билан суҳбатлашгани маълум қилинган. Учрашувлар чоғида давлат раҳбари қорақалпоқ халқи хоҳиш-иродасисиз Конституцияга ҳеч қандай ўзгартиш киритилмаслигини таъкидлагани, шу билан норозиликнинг сиёсий мазмунини кун тартибидан олиб ташлагани хабар қилинади.
“Ҳокимият намойишчилар ва норозилик кўрсатаётганларни тинглади, уларнинг сўзларини қабул қилди. Шундай шароитда қаршилик нима учун давом эттирилиши керак? – деган саволни ўртага ташлаган Озарбайжоннинг “Vesti.az” ахборот агентлиги. - Асосий фундаментал масалалар бўйича консенсус топилган бўлса, нима учун вазиятни кескинлаштириш керак? Бунинг устига тузатишларга норози бўлганлар ўзларининг фикр-мулоҳазалари ҳақида расмийларга хабар бермаган, балки тартибни бузишга киришиб кетган. Нима учун? Эътиборлиси, вазиятнинг тезроқ барқарорлашишидан манфаатдор бўлган барча томонлар ушбу саволни бермоқда”.
Испаниянинг «El Debate» онлайн-нашри томонидан эълон қилинган мақолада Қорақалпоғистондаги намойишчилар баъзи «етакчилар» томонидан ғаразли ниятлар билан бошқарилгани, уларнинг мақсади норозилик билдириш эмас, аксинча амалдаги ҳукумат фаолиятини издан чиқаришга қаратилгани қайд этилган.
Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган хорижий оммавий ахборот воситалари мухбирлари («Anadoly Agency» (Туркия), «ТАСС», «Россия сегодня» (Россия), «Fars News» (Эрон) ва бошқалар) Нукусга ташриф буюриб, шаҳарнинг марказий кўчаларида 1-2 июль кунлари юз берган тартибсизликлардан сўнг Қорақалпоғистоннинг барча туманларида ҳозир вазият барқарорлашгани, ижтимоий муассасалар, болалар боғчалари, олий таълим муассасалари бир меъёрда фаолият кўрсатаётгани ҳақида хабар бермоқда.
Хорижий ОАВ Ўзбекистон Миллий гвардияси бош бошқармаси бошлиғи Ҳамиджон Дадабоевнинг Нукусда тартибсизликлар чоғида чет эл фуқаролари қўлга олингани ҳақидаги баёнотига эътибор қаратмоқда. Қайд этилишича, улар ҳақидаги маълумотлар тергов сири бўлгани учун кейинроқ ошкор этилади.
Оммавий ахборот воситалари, шунингдек, ҳукумат амалдаги миллий қонунчилик ва халқаро стандартларга қатъий амал қилган ҳолда ишончли ва ошкора суриштирув ишлари олиб бораётганини маълум қилган. Қонун устуворлигини таъминлаш бўйича барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Малайзиянинг «Malaysia Gazette», Испаниянинг «The Diplomat in Spain» нашрлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев воқеа жойига келиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, жамоатчилик ва оддий халқ вакиллари билан учрашувлар ўтказгани самарасида вазият тез ўнглангани ҳақида ёзган.
“Шавкат Мирзиёев одамларда умид уйғотишга, уларни норасмий мулоқотга чорлашга муваффақ бўлган моҳир сиёсатчидир, - дея таъкидлайди “Vesti.az”. Нашр давлат раҳбари сўнгги йиллардаги ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистонни халқнинг дардини ва хоҳиш-иродасини “эшитадиган давлат”га айлантиришга муваффақ бўлганини таъкидлаган.
Қатор хорижий нашрлар Ўзбекистон раҳбариятининг Қорақалпоғистон Республикасини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш борасидаги сиёсатини кенг ёритмоқда. Жумладан, Малайзияда чоп этиладиган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг «OIC Today» журнали Ўзбекистон Қорақалпоғистон Республикаси тараққиётини рағбатлантиришга доимо устувор аҳамият бериб келаётгани ҳақида ёзган. Мамлакатнинг ушбу йирик ҳудуди табиий бойликлар, қишлоқ хўжалиги ресурслари, ишчи кучи салоҳияти, транспорт тармоқлари ва ишлаб чиқариш инфратузилмасига эга экани билдирилган.
Минтақанинг барқарор ривожланишига Орол денгизи экологик инқирозининг салбий таъсири, қийин иқлим шароити, ер ва сув ресурслари сифатининг пастлиги ва аҳоли пунктларининг транспорт йўлларидан узоқда жайлашгани тўсқинлик қилмоқда. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, минтақанинг аксарият қисми қурғоқчил зона бўлиб, ерлар деградацияга жуда мойил. Ушбу омилларнинг барчаси Қорақалпоғистоннинг иқтисодий ривожланишига, аҳолининг ижтимоий фаровонлиги ва саломатлигига таъсир кўрсатиб, Тошкентнинг доимий эътиборини талаб қилиши таъкидланган.
Австриянинг «Society» журналида чоп этилган мақолада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нафақат ўзбек, балки қорақалпоқ халқининг ҳам фарзанди экани ҳақида айтган сўзларига эътибор қаратилган. Давлат раҳбари ўз чиқишларида янги Ўзбекистоннинг бош мақсади кўп миллатли халқнинг эркин, тинч-осойишта ва фаровон ҳаётини таъминлашдан иборат эканига мунтазам тарзда эътибор қаратади, дейилади мақолада.
Италиянинг йирик «Askanews» ахборот агентлиги Қорақалпоғистонни ривожлантириш, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига эканини қайд этган. «Сўнгги 5 йилда Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида сезиларли ижобий натижаларга эришилди. Ялпи ички маҳсулот 32 фоизга, саноат ишлаб чиқариши 30 фоизга, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши 20 фоизга, ҳудудда фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 59 фоизга ошди, - деб ёзади «Askanews» . – Сўнгги беш йил ичида ҳудудда 4 миллион 390 минг квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди, мактабгача таълим муассасаларида 15,2 минг, мактабларда 38,3 минг жой ташкил этилди».
Нашрда таъкидланганидек, сўнгги беш йил давомида ҳудуд бюджетига 11 триллион сўм ажратилди. Хорижий донорлар ва халқаро молия институтларининг салмоқли грант ва кредит маблағлари жалб этилди.
Қорақалпоғистондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш учун халқаро институтлар ва ташқи сиёсий шериклар билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йил ноябрь ойида Ўзбекистонда БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди ташкил этилди.
Испаниянинг «El Mundo Financiero» нашри, ўз навбатида, Қорақалпоғистонда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳолини электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви билан таъминлаш, ирригация-мелиорация тармоқлари ҳолатини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилгани ҳақидаги маълумотларни ўз ўқувчилари эътиборига ҳавола қилган. Минтақа аҳолиси ушбу ислоҳотлар самарасини ўз ҳаётида ҳис этмоқда, дейилади нашрда.
Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар жадал суръатларда давом эттирилишини қатъий таъкидлади, деб ёзади муаллиф.
«El Mundo Financiero» Ўзбекистон Президентининг Қорақалпоғистоннинг тақдири – бу Ўзбекистоннинг тақдири, қорақалпоқ халқининг бахти ва фаровонлиги – бу бутун ўзбек халқининг бахти ва фаровонлиги ҳақидаги сўзларидан иқтибос келтирган.