Исроилдаги ватандош: Ўзбекистонда ногиронларни парваришловчи мутахассисларни тайёрлаш масаласи долзарб аҳамиятга эга
ТЕЛЬ-АВИВ, 7 июль. /«Дунё» АА/. Исроилда вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган Мадина Адиева Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга ўз муносабатини билдирди.
– Ўзбекистон фуқароси сифатида мамлакатимиз Конституциясига ўзгартишлар киритиш жараёнини диққат билан кузатиб бормоқдаман.
Мамлакатимиз раҳбариятининг “Ўзбекистон – ижтимоий давлат, у ўз сиёсатини ижтимоий адолат тамойили асосида юритади” каби ғояларини ва бу борадаги саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Жумладан, ногирон болалар учун таълимнинг бошланғич босқичидан олий таълим тизимигача махсус шарт-шароитлар яратилиши ҳамда маънавий ва жисмоний қўллаб-қувватланиши тарафдориман. Ногиронларни парваришловчи мутахассисларни тайёрлаш масаласи долзарб аҳамиятга эга.
Шубҳасиз, ногиронларга эътибор кўрсатилиши ҳозирги замоннинг инсонпарварлик талабларидан биридир.
Ўзбекистон қонунчилигида ушбу йўналишдаги чора-тадбирлар ва уларнинг амалда бажарилиши муносиб эътиборни талаб қилмоқда.