Қозоғистон Ўзбекистон олий раҳбариятининг Қорақалпоғистондаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган қарорларини олқишламоқда ва қўллаб-қувватламоқда
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистондаги сўнгги воқеалар юзасидан баёнот берди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
“Ўзбекистон Қозоғистоннинг қардош давлати, ишончли иттифоқчиси ва стратегик ҳамкоридир, - деб таъкидланган ҳужжатда. - Шу боис Қозоғистонда қўшни дўст мамлакатдаги воқеалар хавотир билан қабул қилинди.
Биз Ўзбекистон олий раҳбариятининг Қорақалпоғистон Республикасидаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган қарорларини олқишлаймиз ва қўллаб-қувватлаймиз.
Муҳим сиёсий воқеа – Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдум арафасида қардош Ўзбекистонда тинчлик ва осойишталик ҳукм суришига ишончимиз комил.
Қозоғистон 1998 йил 31 октябрь куни имзоланган Абадий дўстлик, 2013 йил 14 июнь куни имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномалар, шунингдек, 2021 йил 6 декабрь куни имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация руҳида Ўзбекистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш курсига қатъий амал қилади”.